Республикамиз қўриқхоналарида муҳофаза қилинаётган ўсимликларнинг умумий ҳолати нисбатан яхши бўлишига қарамай, кишиларнинг хўжалик фаолияти олиб бориладиган худудларда кўплаб ёввойи турларнинг табиий захиралари кескин камайиб кетмоқда. Дунёга донғи кетган лола ва саллагуллар, қимматбаҳо доривор ўсимликлар – етмак, бозулбанг, коврак, ширинмия, ковул кабилар кейинги йилларда кескин камайиб кетди. Бухоро отостегияси, йирик гулли островския, Минквиц тезиуми каби бир қатор реликт турлар йўқолиб кетиш ҳолатига келиб қолди.

Аҳолининг табиатга нотўғри муносабати  табиий шароитда ўсадиган ўсимлик турларининг камайиб кетишига энг асосий сабаб бўлмоқда. Бугунги кунга келиб йирик шаҳарлар ва қишлоқларимиз атрофида қизил лола, саллагул, ширач ва шунга ўхшаш нафис гулли ўсимликлар жуда камайиб кетган.

Бу борада юзага келаётган муаммоларнинг қай даражада жиддийлашиб бораётганлигини Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобини янги нашрларида кўришимиз мумкин. Маълумки, Қизил китоб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг олимлари томонидан  нашрга тайёрланади. Мазкур китобнинг аввалги нашри чоп этилганидан бери орадан ўтган 10 йил ичида Ўзбекистон Республикасининг ўсимлик дунёси таркибида қандай ўзгаришлар рўй берди, айниқса, унинг ноёб турлари бўйича ҳолат қандай?

Қизил китобнинг 1984 йилги илк марта чоп этилган нашрига Ўзбекистон флорасининг йўқолиб кетиш хавфи остида қолган 163 та тури киритилган. Бу турларнинг тақдири билан республика мутахассислари, олимлари муттасил шуғулланиб келмоқда. Ўтган йиллар мобайнида олиб борилган кузатишлар айрим ўсимлик турлар тупларининг сони ва майдони анча кенгайганлигини кўрсатмоқда. Масалан, сўнгги йилларда олиб борилган изланишлар анзур ва Суворов пиёзлари маълум даражада кўпайганлигини кўрсатади. Миллий флорамизнинг энг камёб ўсимликлардан саналган Минквиц тезиуми тупларининг сони 17 тадан 100 дан ортиқ тупларгача  ортганлиги бир неча йиллар давомида олиб борилган дала кузатувлари орқали аниқланди. Айни вақтда айрим ўсимлик турларининг тарқалиш майдонлари кескин қисқариб, табиий популяцияларининг ҳолати салбий томонга ўзгарган. Омонқора, Писком пиёзи, Маргарита мармараги, тиёншон мармараги кабилар шулар жумласидандир.

 Victor  margarita

Виктор омонқораси

(Ungernia victoris Vved. ex Artjuschenko)

Маргарита мармараги (Salvia margaritae Botsch.)

Кейинги йилларда олиб борилган изланишлар ўлкамиз флорасига мансуб яна 138 турдаги ўсимликни Қизил китобга киритиш лозимлигини кўрсатмоқда. 1998 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимлик турларининг сони 301 тани ташкил этган бўлса, янги нашрдан 48 оилага мансуб 313 турдаги ўсимлик ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиси Ботаника институти  илмий ходимларининг кейинги йиллар мобайнида  вилоятлар кесимида олиб борган илмий-тадқиқот ишларининг самараси ўлароқ, Қизил китобнинг аввалги (2009) нашридаги маълумотлар янгиланди, яъни, Қизил китобнинг янги нашрига айрим жиддий ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Ўзбекистонда кам учраши, тарқалиш ҳудудлари, яъни тарқалиш майдонлари, асосан бошқа мамлакатлар (Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқалар)га тўғри келганлиги сабабли, ботқоқ тошёрари, кечки ллойдия, Мартиус қиличўти, Олтой троллиуси, юмалоқбаргли парпи, Тожикистон етмаги ва бошқа бир қанча турлар Қизил китобдан чиқариш лозимлиги борасидаги илмий тавсиялар тайёрланди. Улуғбек скабиозаси, Ольга сорбарияси, Олой наталиелласи ҳам Қизил китобдаги турлар рўйхатидан чиқарилди, сабаби, ҳозирги кундаги маълумотларга кўра, уларнинг ареаллари Ўзбекистон ҳудудига тегишли эмаслиги аниқланди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар Келлер астрагали, Олатоғ заъфарони, Ольга сохта клаусияси, Северцов муғултоғи, Липская чандири сингари турларнинг ўсиш майдонларини кенгайганлиги аниқланиб, мавжуд табиий ва антропоген омиллар йиғиндиси уларнинг йўқолиб кетиш хавф эмаслиги тадқиқотлар давомида ўз тасдиғини топди. Шунга асосланган ҳолда, мазкур турлар Қизил китобдан чиқарилди. Мақоми 0 га тенглаштирилган, яъни йўқолиб кетган деб ҳисобланувчи турлар сони 19 тадан 10 тага қисқарди. Шунингдек, 15 та ноёб ва мамлакатимиз флораси учун эндемик турлар ҳам Қизил китобга киритилди. Қизиқарлиси шундан иборатки, улар орасида сўнгги бир неча йилда Ўзбекистонлик олимлар томонидан кашф этилган ва ҳозиргача дунё ботаника фани  учун номаълум бўлган турлар ҳам бор. Қизил китобнинг аввалги нашри билан яқин кунларда чоп этилиши режалаштирилаётган янги нашрини таққослайдиган бўлсак, эндиликда 157 та турларнинг камёблик мақоми ўзгарди. Шунингдек, аввалги нашр чоп этилганидан бери халқаро ботаника номенклатурага киритилган кўп сонли ўзгаришлар туфайли, шу жумладан, ДНК-таҳлиллаш усулидан кенг фойдаланилиши муносабати билан узоқ вақт давомида махсус адабиётларда қўлланилиб келинган кўплаб таксономик бирликлар (турлар, туркумлар, оилалар)нинг илмий номлари ҳам ўзгарди.

Қизил китобнинг янги нашрига антропоген омиллар таъсири остида қолган ва тобора камайиб бораётган бир нечта тур ҳам киритилган. Эслатиб ўтамиз, мазкур турлар Қизил китобнинг аввалги нашрида қайд этилмаган. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти илмий ходимлари томонидан Тожик ковраги табиий популяцияларининг ҳозирги ҳолати, табиий захиралари ва тарқалиш ҳудудларини ўрганишга қаратилган илмий тадқиқотлар натижасида ўсимлик популяциялари сонининг кескин қисқариб кетганлиги, ўз навбатида, ўсимлик захираси ҳажмининг камайиб кетганлиги аниқланди. Бунга асосий сабаб, табиатдан фойдаланувчилар томонидан ўсимлик хомашёси (шираси) назоратсиз, режасиз ва нотўғри (ўсимлик илдизи ўзак қисмини тўлиқ кесиб ташлаш орқали – бунда ўсимликнинг тўлиқ нобуд бўлишига олиб келади) йиғиб олинаётганлигидир. Боиси шуки, ўсимликдан фармацевтикада қон тўхтатувчи бойлам сифатида фойдаланилади. Халқ табобатига бағишланган қатор илмий манбаларда бу шира аменорея касаллигини даволашда катарал маҳсулот сифатида тавсия этилган. Кўпчилик Шарқ давлатларида халқ табобатида бу ўсимлик илдизидан олинадиган шираси қуруқ йўтал, метеоризм ва томир тортишиш касалликларида фойдаланилади. Атеросклероз, катаракта, асаб ва руҳий бузилишларнинг ривожланишини тормозловчи восита сифатида юқорида даражада қадрланади. Бундан ташқари, ўсимлик кучли антигельминт хусусиятига эга. Қандолатчиликда хушбўй ҳид берувчи сифатида фойдаланилади. Бироқ, буларнинг барчаси қатъий тавсиялар асосида ва дори воситаларини тайёрлаш рецентларига жиддий риоя қилингани тақдиридагина ижобий таъсир аҳамиятига эга бўлишини унутмаслик лозим.

Республикамизнинг Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари худудларидаги юқори адир ва қуйи тоғ минтақаларида жойлашган табиий захираларидан, яъни) бундай нооқилона фойдаланиш натижасида илгари хўжалик аҳамиятига эга бўлган майдонлар буткул яроқсиз ҳолатга келиб, мазкур турни Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг навбатдаги нашрига 3-мақом билан тавсия этилишига асос бўлди.

Tojik_kovragi

Тожик ковраги (Ferula tadshikorum Pimenov)

Эндиликда, тожик ковраги табиий популяцияларини сақлаб қолиш ва қайта тиклаш учун:

– ўсимлик табиий популяцияларидан унинг ширасини йиғиб олишга йўл қўймаслик (бу ўсимлик популяцияларининг қайта тикланишига замин яратади);

– ўсимликни кенг масштабли сунъий плантацияларини ташкил этиш;

– сунъий плантацияларни ташкил этишда ўсимлик табиий популяцияларидан фойдаланиш, яъни популяцияларга зарар етказмаган ҳолда ўсимлик уруғларини йиғиб олиш;

– ўсимликни табиий популяцияларидан фойдаланишда қатъий назоратга йўлга қўйиш;

– ўз навбатида, тегишли ташкилотлар томонидан табиий популяцияларни муҳофаза қилишни қатъий чора-тадбирлар режаси асосида амалга оширишни йўлга қўйиш зарур.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ботаника институти томонидан доривор ва ҳўжалик аҳамиятига эга бўлган ўсимликларнинг табиий захираларини ўрганишга қаратилган махсус тадқиқотларнинг натижаларига кўра, табиатдан фойдаланувчилар томонидан ўсимлик хомашёси режасиз ва назоратсиз йиғиб олиниши натижасида сассиқ коврак (Ferula foetida L.), қизилмия (Glycyrrhiza glabra L.), Самарқанд ўлмасўти (Helichrysum maracandicum Popov ex Kirp.) кабиларнинг ҳам табиий популяцияларининг кескин қисқариб кетганлиги ва захиралари деярли қолмаганлиги аниқланди. Бу эса мазкур ўсимликларнинг ҳам тожик ковраги қаторида Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”нинг навбатдаги нашрига тавсия этилишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси

Ботаника институти